ЁШЛАРДА ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТНИ ШАКЛЛАНТИРИШДА АЖДОДЛАРИМИЗНИНГ ЭКОЛОГИК МАЪНАВИЙ МЕРОСИДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ ЎРНИ.
ДИЛОРОМ БАХТИЁР ҚИЗИ ИСМАНОВА
Андижон давлат университети
3 босқич талабаси
Маълумки, бутун жаҳон бўйлаб юзага келаётган кўплаб экологик муаммолар инсо
нларда экологик маданиятнинг етарлича шаклланмагани, аксариятимизнинг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси борасидаги билимларимизнинг саёзлиги натижаси эканлиги мутахассислар томонидан тасдиқланган.
Бугунги кун ёшлари экологик маданият тушунчаси ва экологик муаммоларга қарши курашиш ҳақида нималарни билади ва амал қилади, улар халқимизнинг ўтмишда не чоғлик бой экологик маданият билан яшаганликлари хақида хабардорми ?
Экологияни соф ҳолда сақлаш фақатгина эколог-табиатшуносларнинггина вазифаси эмас. Атроф табиий муҳитни, яхшилаш хар биримизнинг бурчимиз ва бу қўлимиздан келади. Масалан, биргина кўчат экиш, ҳовлимиздаги бўш ерни гулзорга айлантириш билан айни шу мақсадга хизмат қилаётганимизни унутмаслигимиз керак.
Табиат бугун биз инсонлар ёрдамига, кўмагига муҳтожлигини ёдда тутган холда, буларни, айниқса, биз ёшлар бир-биримизга, ўзимиздан кичикларга доимо эслатиб туришимиз лозим.
Ўзимиз яшаётган шаҳримиз,туманимизни худдики, хонадонларимизни қандай озода тутсак, уларни ҳам шундай соф сақлайлик. Чиқиндиларни дуч келган жойга,аралаш-қуралаш қилиб улоқтирмасдан, махсус жойларга, ажратиб ташлаш даркор. Масалан, кераксиз қоғоз, картонларни бошқа чиқиндиларга қўшиб яроқсиз холга келтиргандан ёки ёқиб хавони захарлагандан кўра йиғиб, махсус жойларга топшириш - жамиятга, иқтисодиётимизга наф келтирган яхши эмасми?
Куз-серҳосил, менинг севимли фаслим , аммо хазонрезгилик бошланиши билан бехузур бўла бошлайман, сабаби кўпчилик атрофга аччиқ тутун таратиб, хавони булғаб хазонларни ёқа бошлайдилар. Нега улар бу қилаётган ишлари нотўғри эканлигини, бу билан атмосферага зиён етказаётганликларини англамайдилар ёки билишса хам бефарқлар. Шундай экан ёшларда экологик маданиятни шакллантириш учун ҳаво қатламига зиён етказадиган, атроф-муҳит мувозанатини бузиб, инсон саломатлигига зарар берадиган ҳолатлардан бири бўлган хазон-у чиқиндиларни ёқмасликни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш лозим. Ушбу ҳолатни олдини олиш учун сайргоҳ-у боғларга, ўқув муассасалари-ю, иш ва турар жойларига хазонни ёқмаслик, у тупроқ учун энг яхши озуқа бўлиши мумкинлиги ёзиб қўйилган огоҳлантирувчи лавҳалар ўрнатиш, оммавий ахборот воситаларида бот-бот шу хақда маълумот-у видео-роликлар бериб борилиши жойиз.
Кўпчилик талабалардан экология ва унинг муаммолари нималарда акс этади деб кичик сўровнома ўтказганимизда улар дунёдаги энг улкан муаммолар тўғрисида тўхталишди. Жуда соз,аммо кўз олдимизда рўй бераётган,ўзимиз бевосита бажарувчисига айланаётган салбий одатларимизни (тамаки чекиш , хазон ёқиш ,чиқиндиларга нотўғри муносабатда бўлиш, сақичларни турли жойларга ёпиштириб кетиш ва ҳ.о ) качон тарк этамиз. Сувни тежаш, чиқиндини камайтириш, очиқ турган сув жўмрагини ёпиб қўйиш, ерда ётган қоғоз ёки целлофан халтачани олиб, махсус жойга ташлаш, балки майда-чуйда, аҳамиятсизга юмушга ўхшаб кўринар, аммо мана шулар одамнинг экологик маданиятигдан дарак беради, экологик вазиятни яхшилашга бизнинг ҳиссамиз бўлади.
Ёшларда экологик маънавиятни шакллантириш учун биринчи ўринда ўз халқининг азалдан таркиб топган экологик маънавий меросини уларга англатиш лозим. Ана шунда авлодлар аждодларидан андоза олган ҳолда, анъаналарни давом эттиради.
Халқимизнинг экологик маънавий меросига назар солсак, ўтмишда ота-момоларимизнинг юксак экологик маданиятига эга бўлганликларига амин бўламиз.
Масалан, кўп ривожланган давлатлар ўз табиий бойликларини иложи борича, сақлаб қолиш йўлидан бормоқда. Зеро, ўзбек халқининг севимли нақли билан айтганда “ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди”. Аммо мана шундай оқил халқнинг биз фарзандлари ота-боболаримиз ўгитларига амал қилмасдан, электор токи, газ ва сув каби унсурларни тежамасдан, худди улар тугамайдигандек ишлатмоқдамиз.
Халқимиз орасида “увол” деган тушунча қадимдан жуда кенг тарқалган. Табиат унсурлари, яъни сув, тупроқ, ўсимликлардан бемақсад фойдаланиш увол саналган. Бугунги кун аксар ёшлари увол нималиги яхши билмайди ҳам.
Увол тушунчаси одамларнинг бой ёки камбағаллигига қарамасдан барчага баб-баравар тегишли бўлган. Увол қилмаслик, ножўя иш қилмаслик, бирор нарсани бекорга сарф қилмаслик, тежамкор бўлишлик баъзилар ўйлагандек хасислик белгиси эмас, бу юксак экологик маънавият белгисидир. Тежамкорлик хислати ёш авлодга болалигидан сингдирилиб келинар ва бу маънавият то умрининг охиригача сақланиб қоларди. Мабодо, бирор кимсанинг шундай маънавиятига путур ета бошлагани сезилиб қолса, жамоатчилик унга ўзини қандай тутиш кераклигини чиройли йўл билан эслатиб қўярди.
Ўзбеклар қадимдан ҳар қандай хом ашё ҳатто у оёқ остида тўлиб тошиб ётган соф тупроқ бўлса ҳам оқилона ишлатишган,
Ердан нотўғри фойдаланиш натижасида Ер юзида 1990 йилдан бери ҳар йили 6 миллион гектар ер деградацияга учраяпти, яъни мутлақо яроқсиз ҳолга келаяпти.
Ота-момоларимиз эса она ерни ҳурмат қилишган, уни ризқ-рўзимиз манбаи деб билишган. Экин экиладиган ҳар бир қарич ерга муфассал ишлов берилган. Ерга ўғит қўшмасдан ишлов берган одамни қаллоб деб аташган. Ердан текинга ҳосил ундиришни гуноҳ деб ҳисоблашган. Ерга бекордан бекор таёқ уриш ҳам гуноҳ ҳисобланган. Буни ернинг тинчлигини бузиш деб билишган. Ишлов берилган ердан ҳам жўяли фойдаланилган. Тайёр бўлмаган яйловга чорвани келтириш кечирилмас гуноҳ саналган. Ҳайдаладиган ерлар билан яйловлар нисбати қатъий сақланарди. Жамият эҳтиёжи учун қанча зарур бўлса шунча ер ҳайдаларди. Ҳайдаладиган ер оз эди, бироқ у шу пайтда яшаган аҳолини тўйдирарди. Яйловлар кўп эди ,шунга яраша чорва ҳам кўп эди. Чорва транспорт вазифасини ҳам ўтарди ва ерга ишлов беришда фойдаланиларди. Бироқ минглаб гектар ерлар ҳайдалмасди ҳам, яйлов сифатида фойдаланилмасди ҳам. Табиатнинг бир қисми асл ҳолида сақланарди бу табиатда экологик мувозанатни ушлаш учун хизмат қиларди.
Чучук сувнинг меъёридан ортиқ ишлатилиши натижасида яқин 10-15 йилда сув муаммоси бутун дунё аҳолиси олдидаги глобал масалага айланди.
Марказий Осиёда географик жиҳатдан сув ҳавзалари камлиги туфайли сув қадимдан олтин мисоли қадрланган. Ўзбек халқида “сув бор жойда ҳаёт бор” деган нақл бежиз эмас. Шу боисдан ўлкамизда сувни азалдан асраб-авайлаб, тежаб-тергаб фойдаланишган. Сувни беҳуда оқизиш увол ҳисобланган. Уни турмушда ҳам,деҳқончилик ишларида ҳам тежашган.
Сув тилла баҳосида юрганлигига қарамасдан ўлкамизда қадимдан кунига камида 3-5 марта ювиниш одат тусига кирганди. Айни пайтда бир томчи ҳам сувни исроф қилмасликка ҳаракат қилинарди. Ҳар бир иш бажарилгандан кейин қўл уч марта ювилмаса, қўлга ушланган нарса ҳаром ҳисобланиб келинарди.
Оқар сувлар ариқларнинг то бошидан охиригача тоза ва шишадек тиниқ сақланарди. Уни дуч келган жойда ичиш мумкин эди. У чиндан ҳам санитария жиҳатидан тоза эди. Сувга умуман бирор нарса, ҳатто тош ҳам ташлаш мумкин эмас эди. Сувга ҳурматсизлик қилган одамлар қаттиқ койилар ва жазоланарди. Мабодо, бундан 40 - 50 йиллар муқаддам ҳам, кимдир сувга тупурганини кўришса, одамлар уни ақлдан озган деб ўйлашарди.
Бугунги кундачи, бемалол анҳор-у сойларга чиқинди ташлаймиз, уларни тозалашни ўзимизга эп кўрмаймиз.
Яна бир мисол: уй-жой қурилишини олайлик. Асосан, маҳаллий табиат унсуларидан тикланган уй-жойлар ва бошқа қурилишлар ўта тежамкор усул билан оқилона қурилган. Уй-жойлар асосан пахсадан тикланган,улаонинг томлари эса терак хари ва қамишлар билан ёпилган. Қурилишлар учун ёғоч ускуналар ҳар доим етарли бўлган. Чунки ҳар бир оилада ўғил туғилиши биланоқ бир иморатга еткулик терак экиб қўйилган.
Аждодларимизнинг кийинишига келсак уларнинг кийим кечаклари озгина-созгина бўлган. Эркакларда кўчалик иккита чопон (ёзлик ва қишлик) бўлган. Уйда кийиш учун ҳам алоҳида чопон бўлган. Бир нечта жуфт яктаги бўлган. Асосан махси-ковуш кийишган.
Хозирги ёшлар эса “мода”ни кетидан чопишиб, усти-бош устига кийим-кечак кўпайтирадилар.
Ўзбекистон аҳолисининг тежамкорлиги, пухталиги, саришталиги табиат бойликларидан фойдаланиш, моддий бойликларни истеъмол қилиш жараёнидагина эмас, балки маънавий бойликлардан фойдаланиш ҳамда озиқ- овқатни истеъмол қилиш пайтида ҳам намоён бўлади.
Аҳолининг экологик кўникмаларининг элементларидан бири,экологик маънавиятининг кўрсаткичи атроф-муҳитни озода асраш, шу жумладан танини, хонадонини,чорбоғини, жамоат жойларини,табиатни тоза сақлашдан иборат. Азалдан уй ичи ҳамда ҳовли ҳар куни тозалаб, супуриларди. Ўн беш йигирма кунда уй ичи қоқиб солинарди, кўрпа-тўшак офтобга ёйиб олинарди. Бирор сиқим ҳам ахлат қолмасди. Хас-хашаклар йиғилиб ўчоққа ёқиб юбориларди, хазонрезгилик пайтда дарахт барглари ерга кўмиб қўйиларди ва улар ер остида чириб ўғит вазифасини ўтарди. Ҳовлини ҳеч замонда ариқ томонга қараб супуришмасди. Мева-чеваларнинг пўстлоқлари мол-қўйларга берилар, овқат қолдиқлари ва суяклар итга ташланарди. Агар хўжаликда бундай ҳайвонлар бўлмаса,улар хайвони бор қўшниникига чиқариларди.
Қадимдан деҳқончилик мавсуми эрта баҳорда ариқларни қазиш ва тозалаш,тартибга келтириш, ҳовузларни мустаҳкамлаш,йўл кўприкларни тузатишдан бошланарди. Бу ишларнинг ҳаммаси ҳашар йўли билан қилинарди. Ҳашарда ҳамма оиладан албатта вакил қатнашарди. Жисмоний ишга бирор сабаб билан қурби етмай қолган кишилар ҳашарчиларнинг овқатини кўтаришар,уларга ўз иш қуроллари билан ёрдам беришар ҳамда бошқа ёрдамчи ишларга кўмаклашардилар. Кечқурун ҳашарчилар бирор жойда тўпланиб гурунг қилишарди. Ҳамма учун катта қозонларда ҳашар оши тайёрланарди, ўйин-кулги қилиниб ҳашар байрамга айланиб кетарди. Деҳқончилик ишининг кейинги босқичи далаларни ўт-ўланлардан, буталардан қуриб қолган шох-шаббадан тозалашдан иборат бўлган. Тўқайлар ҳамда бошқа жойлар қуриб қолган шох шаббалардан тозаланарди, шу тариқа у ердаги дов-дарахтларнинг барқ уриб ўсиши учун шароит яратиларди. Юқорида айтиб ўтганларимиз халқимиз маънавий меросининг мингдан бир улушини ташкил қилади.
Ёшларда экологик маданиятини шакллантиришда аждодларимизнинг мана шундай бой экологик маънавий меросидан фойдаланиш лозим. Ҳар бир ёш авлод онгига буларни етказиш керак. Бунинг учун шоҳкўчаларнинг кўзга кўринадиган жойларига, дўконлар-у бекатлар деворларига халкимизнинг қадим экологик маданиятини акс эттирувчи сурат-у сатрлар осиб қўйиш керак, тадбирларда сахна кўринишлар, чиқишлар қилиш керак ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш жоиз деб ўйлайман. Чунки, халқимизнинг экологик маънавияти қадимдан юксак бўлган. Биз ёшлар уни янада яхшироқ ўрганишимиз ҳамда бу меросни ҳозирги шароитда фойдаланиш имкониятларини топишимиз керак.