РЕСПУБЛИКА МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ МАРКАЗИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқи
мазмуни
ТОШКЕНТ 2020
20 январ куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Сайлов кодексига мувофиқ тадбирни Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов очди.
Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради.
Мажлисда Олий Мажлис Сенатини шакллантириш очиқлик ва транспарентлик каби демократик тамойиллар асосида миллий сайлов қонунчилиги талабларига асосан амалга оширилгани таъкидланди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий Кенгашларининг Сенат аъзолари сайлови бўйича қўшма мажлисларида 84 нафар сенатор сайланди. Юқори палатанинг бошқа 13 нафар аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланди.
Давлатимиз раҳбари янги таркибдаги Сенат аъзоларини юксак номга сазовор бўлганлари билан самимий табриклади.
– Олий вакиллик органи аъзоси бўлиш ҳар бир сенатор учун нафақат катта шараф, балки улкан масъулият ҳам эканини барчангиз яхши тушунасиз. Сенатор – бу аввало халқ ва давлат ишончини қозонган инсон, – деди Президент.
Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган кейинги уч йил Сенат учун ҳам ўзига хос туб янгиланиш ва ўзгаришлар даври бўлгани таъкидланди. Мазкур орган томонидан кўриб чиқилган қонунлар сони қарийб 230 тага етгани ва шундан 190 таси сўнгги уч йилда маъқуллангани ушбу йўналишда катта иш қилинганини кўрсатади.
Бундан ташқари, Сенатда ички ишлар ва ташқи ишлар вазирларининг ахборотларини, вилоят ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиш йўлга қўйилгани ижобий баҳоланди.
Сенатор – бу аввало халқ ва давлат ишончини қозонган инсон
Сенатнинг янги таркиби анча юқори профессионал даражада шаклланди. Буни Сенат аъзоларининг 20 нафарини иқтисодчилар, 19 нафарини муҳандислар, 13 нафарини педагоглар, 7 нафарини ҳуқуқшунослар, 6 нафарини тиббиёт ходимлари, 5 нафарини агрономлар, 4 нафарини журналистлар ҳамда 12 нафарини жамоат ташкилотлари вакиллари ташкил этади. Уларнинг орасида 16 нафар фан доктори, 12 нафар фан номзоди мавжудлиги ҳам юқоридаги фикрни тасдиқлайди. Шунингдек, Сенат аъзоларининг салкам 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Бу эса юқори палатанинг фаолияти янгича ёндашув ва қарашлар асосида ташкил этилишидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Конституциясининг 93-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Сенати Раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни тақдим қилди. Палата аъзолари яширин овоз бериш йўли билан Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига Танзила Нарбаевани сайлади .
Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига яширин овоз бериш йўли билан Содиқ Сафоев сайланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 86-моддасига мувофиқ Сенат Раисининг ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон Республикасининг вакили бўлади. Ушбу нормага асосан Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига яширин овоз бериш йўли билан Муса Ерниязов сайланди.
Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига яширин овоз бериш йўли билан Зайниддин Низамходжаев ҳам сайланди.
Шавкат
Мирзиёев
СЕНАТОР СЎРОВИГА БЕПИСАНДЛИК – БУ ХАЛҚҚА БЎЛГАН БЕПИСАНДЛИК
2010-2014 йилларда Сенат томонидан атиги 3 та парламент сўрови юборилган бўлса, сўнгги беш йилда 26 та парламент сўрови ва 700 дан ортиқ сенатор сўрови юборилган.
Келгусида парламент сўрови алоҳида вилоят, туман, шаҳар миқёсидаги долзарб масалаларни ҳам қамраб олса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бироқ, сенатор сўровларининг сифати ва натижадорлигини ошириш бўйича ҳали олдимизда кўп ишлар турибди. Афсуски, давлат бошқаруви органлари томонидан сенаторларнинг сўровларига жавоб бермаслик ҳолатлари ҳам мавжуд.
Таъкидлаб айтмоқчиман, сенатор сўровига беписандлик – бу халққа бўлган беписандлик, деб баҳоланиши керак. Бундай ҳолатга йўл қўймаслик учун сенатор сўровини ҳудудлар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда шакллантириш, унинг натижасига оид ахборотни Сенатнинг қўмита мажлислари ва ялпи мажлисларида муҳокама қилиш зарур.
Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш зарур
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида парламент юқори палатаси ишининг самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим вазифаларга тўхталиб ўтди.
– Сенатнинг ҳар бир қўмитаси ўз фаолият режасини ҳудудий муаммолардан келиб чиқиб шакллантириши лозим. Ўрганилган масалалар бўйича бевосита жойларга бориб, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш зарур. Бу амалиёт аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш имконини беради, – деди Президент.
Президент бир қатор камчиликларни санаб ўтди ва керакли маслахатларни берди
Одамларнинг энг кўп эътирозига сабаб бўлаётган коммунал хизмат соҳасида муаммолар кўп. Масалан, мавжуд 633 та қозонхонанинг 25 фоизи ҳамда 4 минг километр иссиқлик тармоғининг 75 фоизи яроқсиз аҳволда.
Шаҳарсозлик соҳасида мамлакатимизда 1 минг 200 та аҳоли пунктидан фақат 232 таси ёки 19 фоизи бош режасига эга. Соғлиқни сақлаш соҳасида республикамиз бўйича 13 мингта умумий амалиёт врачлари ва тор доирадаги мутахассислар етишмайди.
Меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси 8,9 фоизни, аёллар ўртасида 12,5 фоизни ташкил этади. Мамлакатимизда ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида 2 минг 400 та меҳнат ярмаркаси ўтказилган. Шунга қарамасдан, иш излаганларнинг жуда кам қисми ишга жойлаштирилган.
2019-2020 ўқув йилида умумтаълим мактабларида 2 минг 700 дан ортиқ педагог кадрларга эҳтиёж мавжуд бўлса, мактабларнинг жиҳозланиш даражаси 79 фоизни ташкил этмоқда. Шу билан бирга, 3 мингта мактабда ичимлик суви ташиб келтирилади, 261 та мактаб эса сув билан таъминланмаган.
Энг ачинарлиси, республикамизда марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси атиги 68 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида 60 фоиздан ҳам паст бўлиб қолмоқда.
Йўл қурилиши соҳасида жами 184 минг километр бўлган автомобиль йўлларининг 70 минг километри ёки 38 фоизи қайта қуришга муҳтож
Президентимиз атоқли ўзбек маърифатпарвари, истеъдодли шоир, машҳур тарбиячи Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган сўзларини ёдга олди.
Икки палатали парламент ташкил этилганидан бошлаб ҳозирги кунга қадар жами 9 та қонун Сенат томонидан рад этилган. Ушбу кўрсаткич 2005 йилдан бугунги кунгача қабул қилинган барча қонунларнинг атиги 1,5 фоизини ташкил этади. Мазкур кўрсаткич аксарият ривожланган давлатларда бундан бир неча бор юқори.
Биз қонуннинг Сенат томонидан рад этилишига – салбий ҳолат деб эмас, аксинча, сифатли қонунларни қабул қилишга қаратилган демократик жараён сифатида баҳо беришимиз лозим
Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини юксалтириш, халқаро алоқаларини ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш Сенатнинг муҳим вазифаси бўлиб қолади.
Шавкат Мирзиёев
Ҳар куни, ҳар соатда виждонимиз олдида ҳисобот бериб, ҳалол-пок бўлиб, эл-юрт манфаатини ўйлаб ишласак, мен аминман, халқимиз ҳам, Яратган ҳам биздан рози бўлади.
ЭЪТИБОРИНГИЗ УЧУН РАҲМАТ